ТОШКЕНТ, 28 сен — Sputnik. Пойтахт ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари жиноят олами етакчиси, "Тошкент смотряшийси" сифатида танилган Аббосхон Хўжаевни қўлга олди. У кўп миқдорда гиёҳванд модда билан савдо қилиш жинояти бўйича айбланмоқда. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ вакили брифинг давомида маълум қилди, деб хабар бермоқда nuz.uz.
"Ҳа, ҳақиқатан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан Аббосхон Хўжаевни қўлга олиш чораси кўрилган. Айни вақтда у томонидан таъмагирлик, шунингдек, кўп миқдорда гиёҳванд модда сақлаш ва тарқатиш ҳолатлари содир этилгани аниқланди. Бундан ташқари, унинг жиноий уюшма тузгани ва жиноят оламида обрў қозонишга ҳаракат қилгани ҳақидаги маълумот ҳам тасдиқланди. Ҳозирда унинг шериклари аниқланмоқда", —деди Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ўринбосари Дониёр Тошхўжаев.
Хўжаевга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми (Гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни кўп миқдорда қонунга хилоф равишда сотиш) билан жиноят иши қўзғатилган.