Тошкент шаҳар ИИББ ёзувчи Нурулло Отахонов нега ҳибсга олинганига изоҳ берди

© FBМухаммад Нуруллох
Мухаммад Нуруллох - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Нурулло Отахоновга нисбатан 2017 йил 11 май куни Жиноят кодексининг 159-моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган.

ТОШКЕНТ, 28 сен — Sputnik. Туркиядан Тошкентга келган ўзбекистонлик ёзувчи Нурулло Отахонов унга нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасида ҳибсга олинган, деб хабар қилди Sputnik мухбири.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари, Тергов бошқармаси бошлиғи Дониёр Тошхўжаевнинг айтишича, Отахоновга нисбатан нисбатан 2017 йил 11 майда Жиноят кодексининг 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) бўйича жиноят иши қўзғатилган.

"Мазкур жиноят иши бўйича бир қатор тергов ҳаракатлари олиб борилган ва унга нисбатан сиртдан 159-модданинг 1-қисми, 244-1-модданинг 3-қисми, "г" банди билан айблов эълон қилинган, эҳтиёт тарзида қамоққа олиш чораси танланган ва у қидирувга берилган", — деди Тошхўжаев.

Мухаммад Нуруллох - Sputnik Ўзбекистон
Туркиядан қайтишга қарор қилган ёзувчи Нурулло Отахонов аэропортда қўлга олинди

ИИББ бошлиғи ўринбосарининг сўзларига кўра, ҳозирда жиноят иши бўйича унинг амнистия қўллашни сўраб, кечирим сўраб берган мурожаати ёки у республикага келаётгани, эҳтиёт чорасини ўзгартириш ҳақидаги илтимоси ҳақида бирорта ҳужжат йўқ.

"У расман ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилмаган. Бизда бундай маълумот йўқ. У расман қидирувда бўлгани учун Ислом Каримов номидаги халқаро аэропортга қўниши билан қўлга олинган. Ҳозирда тергов олиб борилмоқда", — деди Дониёр Тошхўжаев.

Унинг сўзларига кўра, барча зарур тергов тадбирлари ўтказилади, агар зарурат туғилса, қўшимча экспертиза белгиланади.

"Агар унинг айби тасдиқланмаса ёки унинг ҳаракатлари амнистия актига тушадиган бўлса, биз, табиийки, қонунга мувофиқ қарор қабул қиламиз", деди Тошхўжаев.

Нурулло Отахонов Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидаги Ойимча Қақир қишлоғида туғилган. Тошкент Давлат университетининг ўзбек филологияси бўлимини тамомлаган.

"Йўл бошида" "Дунё кенг", "Шу ерлик киши" каби қисса ва ҳикоялар тўпламлари орқали танилган.

У 2015 йилда Ўзбекистондан Туркияга чиқиб кетганди.

Янгиликлар лентаси
0