ТОШКЕНТ, 28 сен — Sputnik. Россия ИИВ миграция масалалари бўйича бош бошқармаси бошлиғи Ольга Кириллова чегарадаёқ дактилоскопия ўтказиш ва фотосуратга олишни таклиф қилди, деб хабар бермоқда РИА Новости.
"ИИВ улкан ресурс яратмоқда, ЕОИҲ ва яқин хориж маълумотлар базаларидан фойдаланмоқда, лекин биз аввал ҳаммани киргизяпмиз, кейин эса уларни қидиришга тушяпмиз. Менимча, суратга олиш ва дактилоскопия жараёнлари чегарада ўтказилиши мантиқан тўғри бўларди", — деган у.
Унинг сўзларига кўра, бармоқ изларини ва суратга олишни қайси идора бажаришини ҳам аниқлаб олиш керак.
"Ҳар қандай теракт чегараларни тегишли тарзда ускуна билан таъминлашдан кўра қимматроқ тушади", — деган у.
Кириллова 2016 йилда Россия миграцион қонунчилиги самарадорлигини ошириш таклифи билан чиққан эди. У мамлакатга кириб келаётган хорижликлар устидан назоратни чегарада кучайтириш зарурлигини билдирганди.