ТОШКЕНТ, 28 сен — Sputnik. Ислом Каримов Фонди Ўзбекистоннинг Биринчи президенти волидалари Санобар Каримова ҳақида видеороликни эълон қилди.
Санобар Каримова (1902-1982) саккиз нафар фарзандни дунёга келтириб, ўз ҳаётларини уларнинг тарбиясига бағишлаганлар.
Ислом Абдуғаниевич Каримов ҳамиша оналарини катта меҳр билан ёдга олардилар. Айниқса, ойиларининг овқат пиширишлари, хамир қориб, ёйишлари кўзлари олдидан тез-тез ўтишини кўп такрорлар эдилар.
Ислом Абдуғаниевич болалик чоғлари ойилари бозорга борганларида ёки қариндошлари ҳолидан хабар олганларида ҳамиша уларга ҳамроҳлик қилишларини айтиб ўтганлар.
У киши ўз оналари ниҳоятда доно ва заковатли аёл бўлганларини сўзлаб берардилар. Ўғиллари Тошкентдан Самарқандга улардан хабар олгани келганларида, Санобар ая Ўзбекистон ва дунёда содир бўлаётган ҳодисалардан ҳамиша қизиқиб сўрар эканлар.