ТОШКЕНТ, 28 сен — Sputnik. Йигирма йил ва ундан кўп вақт фойдаланилган, фойдаланишга яроқсиз деб топилган автомототранспорт воситалари утилизация ташкилотларига ёки иккиламчи хом ашёни қайта ишлаш ташкилотларига топширилади.
Бу борада Вазирлар Маҳкамасининг "Автомототранспорт воситаларини давлат даромадига ўтказиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Даракчи.уз".
Унга кўра, 20 ва ундан кўп йил фойдаланилган, Ички ишлар вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги давлат хизмати органлари томонидан фойдаланиш учун яроқсиз деб топилган автомототранспорт воситалари ҳақ тўлаш эвазига утилизация ташкилотларига ёки иккиламчи хом ашёни қайта ишлаш ташкилотларига (металл парчалари нархида) топширилади.
Ушбу автомототранспорт воситаларининг давлат рўйхатига олинган рақам белгилари ва рўйхатга олингани тўғрисидаги гувоҳномаларини белгиланган тартибда йўқ қилиш учун ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги давлат хизмати органларига топшириш ҳақида қарор қабул қилинади.
Утилизацияга ёки иккиламчи хом ашёни қайта ишлаш ташкилотларига топшириш тўғрисида қарор қабул қилинган автомототранспорт воситалари давлат ижрочиси томонидан ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги давлат хизмати вакилининг мажбурий иштирокида утилизацияга ёхуд иккиламчи хом ашёни қайта ишлаш ташкилотларига топширилади ҳамда қабул қилиш-топшириш далолатномасида бу ҳақда тегишли ёзув қайд этилади.