ТОШКЕНТ, 27 сен — Sputnik. Ўзбекистон ўзининг Суверен рейтингини олиш учун ҳаракатларни бошлади, деб хабар қилмоқда Sputnik мухбири.
Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров Суверен рейтинг нима учун кераклигини ва ушбу жараён ҳозир қайси босқичда эканлигини айтиб берди.
“Суверен рейтинг олиш масаласи юзасидан, менимча, яқин орада президент қарори чиқади. Ростини айтганда, биз ҳозир ушбу ишнинг энг биринчи босқичида турибмиз. Ҳукумат учун рейтинг сармоялар жалб қилиш учун эмас, мутахасислар айтгандан “бенчмарк”ни белгилаб олиш учун керак. Шундан сўнг йирик Ўзбекистон банклари ва компаниялари ана шу “бенчмарк” ёрдамида молия бозорда маблағ жалб қилишлари мумкин”, — деди Қўчқоров.
Суверен рейтинг – бу Ўзбекистон компанияларига мустақил равишда маблағ жалб қилиб уни мустақил сарфлаш имконини берадиган яхши механизм, дейди Қўчқоров.
“Бирор банкдан бирор лойиҳа учун кредит олиш учун жуда кўп тайёргарлик кўриш керак. Баъзан, “боғланган” кредитлар олишга тўғри келади. Масалан, кредит берган мамлакатда ишлаб чиқарилган асбоб-ускуна сотиб олиш керак бўлади. Суверен рейтинг эса — чет элдан жалб қилинадиган маблағлар манбаалри сонини ошириш имконини беради”, — деди бош вазир ўринбосари.
Ушбу масалада Citibank ёки яна бошқа бирор банк Ўзбекистон маслаҳатчиси вазифасини ўташи мумкин. Яқин келажакда ушбу масала бўйича аниқ маълумот пайдо бўлиши керак, деди Қўчқоров.
Эслатиб ўтамиз, Суверен рейтинг – маълум бир ҳукумат келажакда инқирозга учраши ёки учрамаслик эҳтимолини белгиловчи кўрсатгич бўлиб, у кредит беришда муҳим аҳамиятга эга. Рейтинг тузишда ҳукуматлар томонидан ташқи қарзни ёпиш ва иқтисодий барқарорлик даржасига катта эътибор берилади.
Бугунги кунда дунёнинг энг нуфузли рейтинг агентликлари Moody’s, Standard & Poor's ва Fitch Ratings ҳисобланади.