ТОШКЕНТ, 27 сен — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Facebookдаги саҳифасига расмий мақом берилди. Бу ҳақда Ўзбекистон ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги раҳбари Шерзод Шерматов ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.
"Facebook компанияси вакиллари учрашув вақтида берган ваъдалари устидан чиқмоқдалар. Мана, бугундан бошлаб Президентимизнинг Facebookдаги саҳифаларига компания томонидан текширилиб, унга расмий статус (кўк рангдаги белги) берилди", — деб ёзади Шерматов.
Шерматовнинг таъкидлашича, бу Шавкат Мирзиёевнинг фаолиятига доир ахборотларни янада кенгроқ оммага тарқатишга имконият беради, уни турли бошқа норасмий аккаунтлардан фарқлаб, қидирув жараёнларида биринчи қилиб кўрсатади.