ТОШКЕНТ, 27 сен — Sputnik. 25 сентябрдан бошлаб Фарғона вилояти божхона бошқармаси тасарруфидаги "Риштон" чегара божхона пости Фарғона вилояти Риштон тумани ҳамда Қирғизистон Республикаси Қадамжой тумани фуқаролари пиёда ҳаракатланишлари учун очилди. Бу ҳақда "Телеграф.уз" хабар бермоқда.
Хабарда айтилишича, "Риштон" чегара божхона пости ҳозирча фуқаролар пиёда ҳаракатланишлари учун очиқ. Пост иш тартиби соат 7дан 19га қадар белгиланди.
Шу йилнинг 6 сентябр куни Андижон вилоятининг Қирғизистон билан чегарадош "Дўстлик" чегара божхона комплекси ўз фаолиятини бошлаган бўлса, 20 сентябр куни Наманган вилоятининг ушбу республика билан чегарадош "Косонсой" чегара божхона пости фаолияти қайта тикланди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг сентябр ойи бошида Қирғизистон Республикасига давлат ташрифи доирасида президент Алмазбек Атамбоев билан учрашувида икки давлат ўртасидаги иқтисодий, ижтимоий, маданий ва мамлакатлар чегараолди ҳудудлари алоқаларини фаоллаштириш каби масалаларда келишувларга эришилганди.