ТОШКЕНТ, 22 сен — Sputnik. Қашқадарё вилоятидаги Муборак газни қайта ишлаш заводининг уч ишчиси газдан заҳарланиш оқибатида ҳалок бўлди, деб хабар қилди Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Мухбирнинг сўзларига кўра, бахтсиз ҳодиса 20 сентябр куни "Муборак газни қайта ишлаш заводи" МЧЖ цехида газдан пропан ва бутан ажратиш қурилмасини тозалаш вақтида содир бўлган. Эҳтиётсизлик оқибатида завод ишчиларидан 4 нафари газдан заҳарланган.
Натижада 3 нафар ходим — цех бошлиғи Аъзам Кулиев, операторлар Қудрат Тўраев ва Умрзоқ Ўриновлар биринчи тиббий ёрдам кўрсатилишига қарамай воқеа жойида вафот этишган.
Оператор Даврон Ботиров Муборак тумани марказий касалхонасига ётқизилган. Унинг аҳволи қониқарли деб баҳоланмоқда.
Мазкур ҳолатнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш ва бу каби ҳодисаларнинг олидини олиш бўйича ҳукумат комиссияси тузилиб, тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Комиссия томонидан вафот этганларнинг оила аъзоларига барча зарурий ёрдамларни кўрсатиш бўйича чоралар кўрилмоқда.