ТОШКЕНТ, 20 сен — Sputnik. Пойтахтдаги бутун Ўзбекистонга машҳур "Янгиобод" эски буюмлар бозори янги жойга кўчирилади, деб хабар берди Sputnik мухбирига Тошкент шаҳар маъмуриятидаги манба.
Тез орада эски буюмлар сотишга ихтисослашган бозор ўрнида "Яшнобод" инновацион технопарки қурилиши бошланади. Ўзбекистон ҳукумати томонидан бу борадаги қарор имзоланган.
"Вазирлар Маҳкамаси томонидан Тошкент ҳокимиятига икки ой ичида бозорни пойтахтнинг Бектемир туманига кўчириш ишларини якунлаш ва бозор ҳудудининг ярмини "Яшнобод" инновацион технопарки маъмурияти" ДУКга бериш топширилди. Натижада 7,5 гектар майдонда маҳаллий ва халқаро мутахассислар илмий ишланмаларига асосланган, республикада ишлаб чиқарилмайдиган ўзига хос инновацион ишлаб чиқаришларни жойлаштириш режалаштирилган", — деди манба.
"Янгиобод" — Ўзбекистондаги энг катта эски буюмлар сотиладиган бозор. Бундай бозорлар республиканинг ҳар бир вилоятида бор. Тошкентда "Янгиобод"дан ташқари "Авиасозлар" бозори, Юнусобод ва Чилонзорда ҳам ана шундай эски-тускилар бозори мавжуд.
Бу бозорнинг биринчи марта кўчирилиши эмас. Бир пайтла у "Тезиковка" кўчаси бўйлаб жойлашган ва собиқ иттифоқ республикалари орасида энг машҳур эски-туски бозори сифатида танилганди.
2006 йилда бозор Тошкент четига кўчирилган.