ТОШКЕНТ, 20 сен — Sputnik. Кеча Наманган вилоятидаги "Косонсой" назорат-ўтказув пункти Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқароларини чегара орқали ҳар икки йўналиш бўйича яна ўтказишни бошлади. Бу ҳақда nuz.uz хабар бермоқда.
Эндиликда фуқароларнинг юз километр йўл босиб Андижон вилоятидаги Дўстлик чегара пунктига боришларига ҳожат қолмади.
Назорат пунктининг очилиш маросими катта тантанага айланиб кетди. Унда Ўзбекистон ва Қирғизистон расмий вакиллари, маданият ва санъат усталари, аҳоли иштирок этди.
Ўзбекистон МХХ Давлат чегарасини қўриқлаш қўмитаси ходимларининг айтишларича, "Косонсой" пункти орқали ҳар икки томонга кунига 2 минг нафаргача киши ўтиши мумкин. Ҳозирда чегарадан ўтказиш синов режимида олиб борилмоқда. Чегарачиларнинг сўзларига кўра, пункт тез орада тўлиқ қувват билан ишлай бошлайди.
"Косонсой" назорат-ўтказув пункти эрталаб 7дан 18гача ишлайди. Чегарадан ўтиш учун Ўзбекистон ёки Қирғизистон фуқаросининг паспорти бўлса кифоя, бошқа ҳеч қандай ҳужжат талаб қилинмайди.
Чегара қўмитаси вакилининг билдиришича, ҳозирча фақат пиёда фуқаролар ўтиши мумкин, кейинроқ автомобилларни ўтказиш ҳам йўлга қўйилади.
Аҳолининг ўзбек-қирғиз чегарасидан ўтиши 2010 йилда амалда тўхтатиб қўйилган, пункт чекланган режимда ишларди.
Чегараларни очиш ҳақида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 5-6 сентябр кунлари Қирғизистонга ташрифи давомида келишиб олинганди.
Шу йилнинг 6 сентябр куни Андижон ва Ўш вилоятлари ўртасидаги "Дўстлик" назорат ўтказув пункти очилганди.