ТОШКЕНТ, 19 сен — Sputnik. Тошкентда “Ўзбегим дўппилари” кўргазмаси бўлиб ўтмоқда. Унда шахсий коллекциялардан ўрин эгаллаган 211 дона дўппилар намойиш этилган, деб хабар қилмоқда Ўзбекистон Маданият вазирлиги матбуот хизмати.
Ўзбек дўпписи миллий маданиятнинг ажралмас қисми ҳисобланади. "Дўппи"- сўзининг ўзи туркий "Тюбе" сўзидан олинган бўлиб, уст, юқори деган маънони билдиради.
Ўзбекистонда дўппилар бош кийим сифатида ўрта асрларда кенг тарқалди. Дўппи тикиш санъати қўлдан-қўлга, авлоддан-авлодга, онадан-қизига ўтиб меърос бўлиб келмоқда. Ўзбекистоннинг ҳар бир вилоятида ўзига хос дўппилар мавжуд.
Сурхондарё ва Қашқадарёда думалоқ кўринишдаги дўппилар, ёрқин, бир-биридан кескин фарқ қиладиган иплар билан тикилган бўлса, Бухоро дўппилари кўпроқ зар иплар билан тикилган. Шуни айтиб ўтиш жоизки, келиб чиқишига қараб, Фарғона дўппилари қадимийроқ ҳисобланади. Шу билан бирга, Чуст, Марғилон, Қўқон, Андижон дўппилари ҳам машҳур бўлган.
Ироқи дўппи Шаҳрисабзда кенг урф бўлган, кейинчалик бошқа жойларга тарқалиб, ҳар бир маҳаллий жойнинг ўзига хос безак усулида яратила. Тошкент ва Фарғона водийсида кенг тарқалган ироқи нусха дўппининг нақш мужассамоти ранг-баранг гулли новдалар, улар орасидаги яшил, кўк тусли қушча (булбуллар) шаклидан иборат.
Дўппининг барча турдаги намуналарини Ўзбекистон Давлат санъат музейида, Ўзбекистон Давлат тарих музейида ҳамда Ўзбекистон амалий санъат музейида учратиш мумкин.
“Ўзбегим дўппилари” номли кўргазмада шахсий коллекция тўпламларидан ўрин эгаллаган 211 дона дўппилар, ҳамда таниқли рангтасвирчи рассомлар Иброҳим Валиходжаев, Дилшод Назаров,, Дилшод Эшматов, Шухрат Абдумаликов, Алишер Умрзоқов ва кўплаб рассомларнинг ишлари намойиш этилган.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан ташкил қилинган кўргазма “Лайлак қўнди” маданий меърос биносида 2017 йилнинг 10 октябрга қадар давом этади.