ТОШКЕНТ, 19 сен — Sputnik. Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров швейцариялик ҳамкасби Дидье Буркхальтер билан учрашуви олдидан швейцариялик журналист саволларига "ҳақиқий русча" жавоблар қайтарди, деб хабар бермоқда РИА Новости RTга таяниб.
Мухбир Лавровдан жаноб Буркхальтернинг БМТ Бош ассамблеясидаги сўнгги иштирокида унга қандай тилаклари борлигини сўради.
"Ҳозир матбуот анжумани бўляптими?" — деди Лавров айни пайтда савол беришнинг мавриди эмаслигига шаъма қилиб. Сўнгра у журналистга ҳеч қачон "сўнгги" деган сўзни айтмасликни тавсия қилди.
"Нима ҳам дердим, жаноб Буркхальтер ўзига нимани тиласа унга шуни тилайман", — деди вазир. Сўнг эса "биз инсонларга нима тилашимиз эмас, ҳар бир инсон ўзига нима тилаши муҳимроқ" дея қўшиб қўйди.
"Ажойиб тилак бўлди, жуда русча", — деди Швейцария ташқи ишлар вазири ва Лавровга миннатдорлик билдирди.
"Энди эса даф бўлинг", — деди Россия вазири журналистга ва кулги кўтарилди.
"Яна бир ҳақиқий русча жавоб", — қайд этди Буркхальтер.