ТОШКЕНТ, 19 сен — Sputnik. Ўзбекистон банклари хорижий валюта сотиб олиш масалалари бйўича ишонч телефонларини ташкил этди.
Марказий банкнинг хабар беришича, юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар чет эл валютасини чекланмаган миқдорда сотиб олишлари ва ўз ихтиёрларига кўра сотиб олинган маблағларни жорий халқаро операциялар бўйича тўловларни амалга ошириш учун йўналтиришлари мумкин.
Истеъмол товарлари импорти билан шуғулланувчи юридик шахс ташкил этмасдан фаолият кўрсатувчи якка тартибдаги тадбиркорларга чет эл валютасини жисмоний шахслар учун ўрнатилган тартибда, банклардаги ҳисобварақлар орқали сотиб олишга рухсат берилади (бунда сотиб олинган хорижий валюта мижознинг ҳисоб рақамига ўтказиб берилади ва мижозга халқаро тўлов картаси тақдим этилади).
Хорижий валютани сотиб олиш билан боғлиқ саволлар ёки муаммолар вужудга келган ҳолларда Марказий банкнинг 200-00-44, 212-60-23, 212-60-82 телефон рақамларига қўнғироқ қилиш мумкин.
Марказий банк шунингдек, республикадаги бошқа банкларнинг ҳам ишонч телефонлари рақамлари рўйхатини берган.