ТОШКЕНТ, 18 сен — Sputnik. Тошкентда уч ойдан бери алимент тўламаган эр қамоққа олинди, деб хабар қилди "Ўзбекистон 24" нашри.
Хабарга кўра, Тошкент шаҳар Сергели туман суди томонидан Тошкент давлат юридик университети қошидаги академик лицейда сайёр суд мажлиси ташкил этилган.
Дастлабки тергов ҳужжатларига кўра, Сайдуллаев вояга етмаган, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсни боқиш ва тарбиялаш учун зарур алимент пулидан бўйин товлаб, уни жами уч ойдан буён тўламай келган.
Суд мажлисида давлат айбловчиси суддан Сайдуллаев жабрланувчига етказилган моддий зарар қопланмагани ва жабрланувчининг даъвоси борлигини инобатга олиб, унга нисбатан қўлланилган кафилликни қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасига алмаштиришни сўради.
Суд ушбу илтимосномани муҳокама қилиб, қамоққа олиш эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақида ҳукм чиқарди.
Илгарироқ Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексига қўшимча банд киритилаётгани, унга кўра 2017 йил 1 июлдан бошлаб бир ойдан ортиқ алимент тўловларини тўламаган шахсларга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоққа олиш чораси қўлланилиши ҳақида хабар қилган эдик.
Бу вояга етмаганларни боқиш ёки ишлашга лаёқати бўлмаган ва моддий ёрдамга муҳтож бўлган ота-оналарга тегишли бўлади.
Шунингдек, алиментни тўлашдан бўйин товлаш фақат такроран содир этилган тақдирда жиноий жавобгарликка тортилади, яъни 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазо чораларини кўллаш белгиланади.