Очилиш маросими Ашхободаги Олимпия стадионида бўлиб ўтди. Ушбу кун муҳташам спорт мажмуасида кўплаб мамлакатлардан келган давлат ва ҳукумат раҳбарлари, Осиё олимпия кенгаши раҳбарияти, фахрий меҳмонлар ва 45 минг томошабин жамланди.
Тадбир бошида Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Осиё ўйинларини расман очиқ, деб эълон қилди. Шундан сўнг Осиё олимпия кенгаши президенти Шайх Аҳмад ал-Фаҳад ас-Сабоҳ барчани ушбу спорт байрами билан қутлади. Сўнгра Осиё ўйинлари мадҳияси янгради.
Олимпия байроғи кўтарилиб ва машъаласи ёқилганидан сўнг, анъанага мувофиқ, стадионга иштирокчи давлатлар спорт делегациялари кириб кела бошлади.
Эслатиб ўтамиз, Ёпиқ иншоотларда ва жанг санъатлари бўйича V Осиё ўйинларида 60 дан ортиқ мамлакатдан спортчилар иштирок этмоқда. Туркманистон ҳукумати ушбу нуфузли халқаро спорт анжуманини юксак савияда ўтказиш учун пухта тайёргарлик кўрган. Спортчилар ва мураббийлар яшаши, машғулотлар ўтказиши ва маданий ҳордиқ чиқариши учун барча шароит яратилган.