ТОШКЕНТ, 16 сен — Sputnik. Қўшни давлатларнинг бир нечта шаҳарлари Қозоғистон территориясидан ўрин олгани акс эттирилган харита — бу оддий хатодан бошқа нарсамас, деди Қозоғистон Ахборот ва коммуникациялар вазири Даурен Абаев.
Илгарироқ қатор ОАВлар томонидан "Казинформ" давлат ахборот агентлиги сайтида эълон қилинган мақолада Қозоғистон территорияси график чизмалар орқали кўрсатиб берилгани ва бу чизмаларда Россия ва Ўзбекистоннинг бир нечта шаҳарлари Қозоғистон таркибига киритилгани акс эттирилгани ҳақида хабар берилган эди.
"Бир нечта сайтларда муҳокамага сабаб бўлган хаританинг чоп этилиши ҳеч қандай сиёсий тусга эга эмас ва сайт муҳаррирининг оддий хатоси туфайли келиб чиққан. Материал давлатнинг лотин графикасига ўтиши муносабати билан чоп этилган", — деб таъкидлаган Спутник Қозоғистон сайтига Абаев.
Вазир шунингдек, "Казинформ" раҳбарияти ушбу ҳолатга тўлиқ ойдинлик киритди, дея ишонтирган.
"Биз барча давлатлар билан дўстона муносабатлардамиз, давлат чегараси масаласига келсак, давлат раҳбарлари даражасида тегишли ҳужжатлар имзоланган", — деб қўшимча қилган вазир.
Эслатиб ўтамиз, август ойи ўрталарида россиялик амалдорлар Қозоғистонга икки давлат ўртасида жойлашган "Сладкое" кўлини инъом қилишган эди. Сал вақт ўтиб ушбу хабар Федерал Хавфсизлик хизматининг Новосибирск вилояти бўйича чегара бошқармаси томонидан рад этилди. Россиядаги Қозоғистон элчихонаси ҳам ушбу хабарларга раддия берган эди. Маълум бўлишича, вақт ўтиши билан кўл қуриган ва шу боис, тўлиқ Қозоғистон ҳудудига ўтиб қолган, аммо бу билан давлат чегараси ўзгармаган.