ТОШКЕНТ, 16 сен — Sputnik. Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги фуқароларни Россияда ишлашга таклиф этмоқда.
Агентликнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида билдирилишича, автосаноат, қурилиш, ёғоч саноатида ишлаш тажрибаси бўлганлар ҳамда юк машинаси ҳайдовчилари Россиядаги корхоналарга ишга таклиф этилади.
Номзодларнинг ёши таклиф этилаётган соҳага қараб 20 ёшдан 50 ёшгача бўлиши, рус тилини билиши талаб этилади.
Ойлик маошлар соҳасига қараб 30 минг рублдан бошланади.
Агентлик шунингдек, бошқа мамлакатда ишлаш учун асосий шартлардан бири номзодга нисбатан депортация мавжуд бўлмаслиги лозимлигини билдирмоқда. Шу боис ишлаш истагида бўлганлар биринчи навбатда ўзларига нисбатан Россияга киришга тақиқ бор-йўқлигини аниқлаб олишлари сўралган.