ТОШКЕНТ, 15 сен — Sputnik. Марказий Осиёдаги энг сахий кишилар Ўзбекистонда истиқомат қиладилар, энг зиқналари эса — Қозоғистонда. World Giving Index 2017 томонидан эълон қилинган янги рейтингда худди шундай маълумотлар келтирилган.
Ўзбекистон дунё миқёсида тузилган рейтингнинг 38 поғонасидан ўрин олган, қўшни Тожикистон эса қуйироқда 50 поғонада жойлаштирилган. Расмий Душанбеда хайрия тадбирлари билан аҳолининг 36%гина шуғулланар экан.
Аҳолисининг 33%и хайрия ишларига жалб этилган Туркманистонга рейтингнинг 69-поғонаси ажратилган бўлса, Қирғизистон 85-ўринни эгаллаган ва рейтингни Қозоғистон (87ўрин) билан якунлаган.
Рейтинг муаллифларининг таъкидига кўра, Қозоғистон ва Қирғизистоннинг хайрия ишлари билан шуғулланувчи аҳолиси кўрсаткичи бир хил — 30%дан.
World Giving Index рейтингининг биринчилигини мана тўрт йилдирки Мьянма қўлдан бой бермай келмоқда. Тадқиқотчилар маъумтларига кўра, мамлакат аҳолисининг 91%и хайрия ишлари билан шуғулланар экан.
Баёнотда келтирилишича, Мьянмада пуллар асосан руҳонийларга хайрия қилинади: пуллар ҳажми унчалик кўп бўлмасада, аҳоли мунтазам равишда хайр қилиб турар экан.
Рейтингнинг иккинчи ўрнини — Индонезия, учинчи поғонасини эса — Кения эгаллаган.