ТОШКЕНТ, 15 сен — Sputnik. Россияда бўлиб ўтаётган Ўзбекистон маданияти кунлари муносабати билан Москвага ташриф буюрган Ўзбекистон маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев Sputnik ахборот агентлиги ва НТВ телеканали ҳамкорлигида ўтказилаётган халқаро "Ты супер. Танцы" танловининг ўзбекистонлик иштирокчилари билан учрашди.
"Санъат муқаддас. Унга илк қадам қўйганингиз билан табриклайман. Сизлар ҳамиша президентимиз, ҳукуматимиз назарида турасизлар. Ўзбек халқи истеъдодларга бой. Биз сизлардай ёшлар билан фахрланамиз. Сизлар Ўзбекистоннинг келажагисизлар, ўзбек санъатини жаҳонга танитадиган авлодсизлар. Сизларни ҳамиша қўллаб-қувватлашга тайёрмиз", деди маданият вазири.
Бахтиёр Сайфуллаев ўзбекистонлик ёш истеъдодларга ҳамиша китоб билан ошно бўлишни маслаҳат берди ҳамда уларга омад тилади.
Қизлар шунингдек, Москвадаги "Космос" концерт залида бўлиб ўтган Ўзбекистон санъат усталари иштирокидаги концертда ҳам чиқиш қилдилар.
Эслатиб ўтамиз, Sputnik ахборот агентлиги ва НТВ телеканали ҳамкорлигида ўтказилаётган "Ты супер! Танцы" танловида Тошкент вилояти Бўка туманидаги болалар уйи тарбияланувчилари Анастасия Молокова, Дурдона Эргашева ва Моника Додарбековалар иштирок этишмоқда. Улар танловнинг биринчи босқичида ғолиблар сафидан жой олишди ҳамда кейинги босқичга чиқишди.