ТОШКЕНТ, 14 сен — Sputnik. Ўзбекистонда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб ташкил этилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 сентябрдаги ПҚ-3274-сон қарорида айтилди.
Мактабнинг асосий вазифалари:
— умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартлари асосида замонавий ахборот ва педагогик технологиялардан кенг фойдаланган ҳолда математика, физика, информатика ва чет тили фанларининг чуқур ўқитилишини ташкил этиш;
— ўқувчиларда дастурлаш асосларини, маълумотлар базаларини шакллантириш ва ахборот хавфсизлиги кўникмалари ва медиа маданиятни мактаб давридан бошлаб шакллантириш;
— ўқувчиларни чет тилини билиш даражасини тасдиқловчи миллий ва халқаро эътироф этилган сертификатлар олишга тайёрлаш;
ўқув жараёнининг ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳалари билан узвийлигини таъминлаш мақсадида 10-11-синф ўқувчиларининг ахборот-коммуникация технологиялари йўналишидаги етакчи ташкилотларда ишлаб чиқариш амалиёти ўташларини ташкил этишдан иборат бўлади, дейилади Ўзбекистон президенти матбуот-хизмати хабарида.
Ихтисослаштирилган мактабга ўқувчилар Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан белгиланадиган квота асосида 5-синфдан бошлаб ёзма ва оғзаки синов натижаларига кўра танлов асосида қабул қилинади.