ТОШКЕНТ, 14 сен — Sputnik. 2017 йил 12 сентябрда Японияда меҳнат фаолиятини амалга оширадиган фуқароларни кетиш олдидан мослаштириш ва ўқитиш Марказининг очилиш маросими ўтказилди, деб хабар қилинди Меҳнат вазирлиги расмий сайтида.
"Мазкур таълим маскани Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 12 апрелдаги 303-Ф Фармойиши ижросини таъминлаш асносида хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширадиган фуқароларимизнинг фаолиятини ташкиллаштириш мақсадида барпо этилган", — деб таъкидланган хабарда.
Хабарда таъкидланишича, Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ўзбек фуқароларини Японияда меҳнат фаолиятини юритиши соҳасида ҳамкорлик қилиш учун фаол иш олиб борган. Натижада дастлабки қадам сифатида 2016 йилнинг 14 майида Агентлик ва Уно корпорацияси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида Қайднома имзоланган.
Музокаралар натижасида Япониянинг GRANATJapanCo., Ltd., MarukoFoodCo., Ltd., IIDASangyoCo., Ltd., SAIKONTAN Farm, EastSunCo., Ltd ва TakeruCo., Ltd каби қатор компанияларида ишлаш учун ўзбек стажёрлари танлаб олинган.