ТОШКЕНТ, 14 сен — Sputnik. Лола Каримова-Тиллаева Парижнинг тарихий марказидаги Monnaie de Paris музейида бўлиб ўтаётган AD INTERIEURS 2017 кўргазмаси доирасида "Дроплет" (Томчи) номли ЭКО АРТ лойиҳасини намойиш этди. У бу ҳақда ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.
Лойиҳа сув ресурсларини асраш ҳамда иқлим ўзгаришининг ҳалокатли оқибатларидан жамоатчиликни хабардор қилишга бағишланган.
Рассом Маркос Лютьенс билан ҳамкорликда яратилган мазкур арт-объект томчи кўринишидаги металл конструкциясидан иборат. Инсталляциянинг интерактивлиги шундаки, унда сувнинг товуши, ифори ва тафтини ҳис этиш мумкин. Шунингдек, унда глобал исишнинг таъсири ҳақида маълумот берилади.
"Жамоатчиликни глобал исиш ва иқлим ўзгариши масалаларидан хабардор қилиш мақсадида санъат кучидан фойдаланишга аҳд қилдик. Бинобарин, санъат инсонларга илҳом бахш этиб, уларни муайян мақсад атрофида бирлаштира олади.
"Дроплет" лойиҳасини тақдим этар эканмиз, сув ресурсларининг етишмовчилиги ва уларни асраш борасидаги дунё ҳамжамиятининг хавотирига шериклигимизни билдирамиз", деб ёзади Лола Каримова-Тиллаева.
Унинг ёзишича, иқлим ўзгариши билан боғлиқ бўлган табиий офатларни бугунги кунда бутун дунё бўйлаб кузатиш мумкин. Лола Каримова-Тиллаева вазиятни яхшилаш йўллари мавжудлигини билдиради.
"Масалан, кундалик ҳаёт тарзимизда табиатни асрашга катта аҳамият бериш, кўлу дарёларни тозалаш, дарахт экиш ишларида иштирок этиш ҳамда атроф-муҳитни асраш масалалари ҳақида жамоатчилик хабардорлигини ошириш.
Авваламбор, аянчли оқибатлар муқаррарлигини англаб, масъулиятни теран ҳис этишимиз зарур.
Техноген жараён ҳаётимизда турли қулайликлар яратиши билан бирга инсонларда табиатдан бутунлай узилиш ва унга бефарқ бўлиш учун мойиллик яратади. Бу эса барчамиз учун фожиа билан тугаши мумкин", деб ёзади у.
Маълумот берилишича, кўргазма Monnaie de Paris музейида 20 сентябргача бўлиб ўтади.