ТОШКЕНТ, 14 сен — Sputnik. Ўзбекистонда 2017 йил якунларига кўра инфляция даражаси 11-12% атрофида бўлиши кутилмоқда, деб маълум қилди Марказий банк монетар сиёсат департаменти раҳбари Илҳом Норқулов.
"Йил якунларига кўра 11-12% даражани мўлжалламоқдамиз. Келаси йилда инфляция даражаси 10%дан паст бўлиши мўлжалланмоқда", — деди Норқулов бугун бўлиб ўтган брифингда.
У тахминий инфляция кўрсаткичлари йилнинг биринчи ярмида шаклланган омиллар таъсирида ошганлиги ва бу сўм девальвацияси билан кам миқдорда боғлиқ эканлигини қўшиб қўйди.
"Тахминнинг ўзгариши иқтисодиётга кредит ажратилишининг ўсиши билан боғлиқ", — аниқлик киритди Норқулов.
У Марказий банк 28 июндан қайта молиялаштириш ставкасини 9дан 14%га оширишга қарор қилганлигини эслатиб ўтди. Мавсумий тебранишлар натижасида инфляция суръатининг ўсиши ҳамда иқтисодиётга кредит бериш ҳажмининг ўтган йилга нисбатан тез ўсиши шундай қарорга келинишига сабаб бўлган.
Расмий статистикага кўра, Ўзбекистонда инфляция 2016 йилда 5,7%ни ташкил этган. 2017 йилда инфляцияни 5,7-6,7% атрофида ушлаб туриш режалаштирилганди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг фармонига мувофиқ, юридик ва жисмоний шахслар сентябр ойидан бошлаб бозор курси бўйича валюта олди-сотди операцияларини эркин амалга оширишлари мумкин.