ТОШКЕНТ, 12 сен — Sputnik. Сайёҳлар меҳмонхоналарда тўловларни фақат миллий валютада тўлашлари мумкин. Истисно тариқасида нақдсиз тўловларни халқаро пластик карталар ёрдамида амалга ошириш мумкин.
Бу ҳақда туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар қилди.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси маълум қилишича, сайёҳлар республика меҳмонхоналарида сайёҳлик йиғимини марказий банк курсида тўлашлари зарур. Куни кеча Ўзбекистон Марказий банки 2017 йил 12 сентябрдан доллар курсини 8092.13 сўмга, евро қийматини эса 9 718.65 сўмга тенг қилиб белгилаган эди.
Яқин вақтларда республика ҳукумати сайёҳлик йиғимининг янги миқдорини белгилаш бўйича ишларни амалга оширади.
Бу янгиланишлар мамлакатда валюта сиёсатини либералаштирилиши билан боғлиқдир.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 2 сентябрь куни президент Шавкат Мирзиёев "Валюта сиёсатини эркинлаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонни имзолаган эди. Ушбу фармон билан жисмоний ва юридик шахсларга хорижий валюталарни сотиш ва улардан сотиб олишдаги узоқ йиллик чекловлар бекор қилинди. Валюта курсини белгилашда бозор механизмларидан фойдаланиши таъкидланган.