ТОШКЕНТ, 12 сен — Sputnik. Бугун Ўзбекистон Футбол Федерациясининг ҳисобот ва сайлов конференцияси бўлиб ўтди. ЎФФ низомига кўра Тошкент шаҳар футбол федерацияси томонидан биргина — Умид Аҳмаджонов номзоди ЎФФ президентлигига илгари сурилди.Бу ҳақда championat.asia хабар бермоқда.
Конференция иштирокчилари бир овоздан бу номзодни қўллаб қувватлашди. Шу кунга қадар Ўзбекистон Миллий Паралимпия Ассоциацияси Раиси ўринбосари ва "Пахтакор" клуби вице-президенти лавозимида ишлаб келган Умид Аҳмаджонов Ўзбекистон Футбол Федерациясининг янги президенти сифатида эълон қилинди.
"Авваламбор ишонч билдирганингиз учун раҳмат айтаман. Ўзбек футболини кўтаришга ваъда бераман. Ўзбекистон президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳнамолигида футболимизни кўтаришга ҳаракат қиламиз", деди Умид Аҳмаджонов.
ЎФФнинг янги раҳбарияти таркиби билан танишинг.
ЎФФ президенти: Аҳмаджон Умид Маҳаматжонович. Вице-президентлар: Раматов Ачилбай Жуманиёзович, Бобожонов Пўлат Раззақович, Исроилов Шоакрам Холматович.
ЎФФ ижроқўм аъзолари: Қурбонов Рустам Жавдатович, Шодиев Бобур Шодиевич, Алиев Мурод Боқиевич, Ражабов Мансур Қўчқорович, Ярашев Комил Деҳқонович, Жалолов Наримон Жалолович.