ТОШКЕНТ, 10 сен – Sputnik. Тошкентда 12 сентябрь куни Тойота Мотор Корпорейшн компаниясининг расмий дилерининг биринчи автосалони очилиши эълон қилинди.
Пойтахтда фаолият юритувчи Техник Дизель Моторс номи билан танилган автомобилларга хизмат кўрсатиш корхонаси Тойота Мотор билан икки йилдан ортиқ вақт давомида олиб борилган музокаралардан сўнг ниҳоят Тойотанинг Ўзбекистондаги биринчи расмий дилери мақомига эга бўлди.
“Toyota Motor Corporation билан 2 йил давомида бўлиб ўтган фаол музокаралар ўз ҳосилини берди — япон гиганти энди бизнинг давлатимизда расман мавжуд”, — дейилган компаниянинг Фейсбукдаги хабарида.
Шунингдек, расмий дилер автомобиллар ва эҳтиёт қисмлар тўғридан-тўғри Тойота заводидан олиб келиниши ва Ўзбекистонда 3 йиллик Тойота расмий кафолати сақланиб қолиши хабар берган.
Эслатиб ўтамиз, Toyota 2012 йилдан буён дунёдаги энг йирик автомобил ишлаб чиқарувчи номини сақлаб келмоқда. Бугунги кунда корпорация 70 хил автомобил ишлаб чиқаради ва ҳар йили дунёда 8 миллиондан ортиқ автомобил сотади.