ТОШКЕНТ, 9 сен — Sputnik. Миллий хавфсизлик хизмати тезкор ходимлари "Сирдарёкўмиретказувчи" унитар корхонасининг Боёвут туман базаси мудири 40 ёшли Дониёр Сайфутдиновни қўлга олишди, деб хабар бермоқда Sputnik мухбири.
Хабар қилинишича, тезкор ходимлар Сайфутдинов Сирдарё вилоятига олиб келинувчи ва болалар боғчалари, мактаблар, ўрта махсус таълим муассасалари ҳамда шифохоналар учун кузги-қишки мавсумга мўлжалланган кўмирни мунтазам равишда ўғирлаш билан шуғулланиб келгани ҳақида маълумот олишган.
"Сайфутдинов тахминан 65 тонна келувчи бир вагон кўмирни Боёвут туманида яшовчи шахсга 16 миллион сўмга сотмоқчи бўлган. У пулларни кўмир базадан харидорнинг яшаш жойига етказиб берилганидан сўнг олиши керак эди", — деди МХХ вакили.
База директорининг ноқонуний фаолиятига чек қўйиш мақсадида МХХнинг Сирдарё вилояти бўйича ходимлари томонидан ўтказилган махсус амалиёт давомида Дониёр Сайфутдинов 13 миллион сўмни олаётган пайтда ашёвий далил билан қўлга олинди. У дастлабки суриштирув чоғида айбини тўлиқ тан олган.
Ҳозирда Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг вилоят бошқармаси Сайфутдиновга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 167- (Ўзлаштириш ёки талон-торож қилиш йўли билан ўғирлаш) ва 205-моддаси (Лавозим ваколатларини суиистеъмол қилиш) бўйича жиноят ишини қўзғатиш масаласини кўриб чиқмоқда.