Тўйтепани танимай қоласиз: мамлакатнинг илк "ақлли" шаҳри қандай бўлади

Oбуна бўлиш
Тошкент вилоятининг маъмурий маркази - Нурафшон шаҳрининг видео лойиҳаси тақдим этилди

ТОШКЕНТ, 9 сен — Sputnik. Нурафшон Ўзбекистондаги биринчи "ақлли" шаҳар бўлади. Тошкент вилоят прокуратураси сайтида Тошкент вилоятининг маъмурий маркази — Нурафшон шаҳрининг видео лойиҳаси тақдим этилди.

Шаҳарда маъмурий бинолар, замонавий ва қулай турар жойлар, бизнес марказлар, меҳмонхоналар, спорт мажмуалари, ёшлар ижодиёт маркази, кутубхона, мактаблар, кўп тармоқли шифохона бунёд этилади.

Истироҳат боғлари, боғлар, майдонлар, пиёдалар ва велосипедчилар учун ҳиёбонлар ташкил этиш кўзда тутилган.

Самарали жамоат транспорти тизимини жорий этиш режалаштирилган.

Шаҳар маркази орқали сунъий анҳор оқиб ўтади, унинг ёқаси бўйлаб йўл ётқизилиб, кафе, дўкон ва бошқа объектлар очилади.

Тошкент ва Нурафшонни тезюрар автомобиль йўли боғлайди.

Эслатиб ўтамиз, аввал Тошкент вилояти ўзининг маъмурий марказига эга эмас эди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати 25 август куни Тўйтепа шаҳрининг номини Нурафшонга ўзгартириш ҳақидаги қарорни тасдиқлади.

Ўз навбатида сенаторлар шаҳарни вилоят бошқарувидаги шаҳарлар тоифасига киритиш ҳамда Тошкент вилоятининг маъмурий маркази этиб белгилаш ҳақидаги қарорни тасдиқлашган.

Янгиликлар лентаси
0