ТОШКЕНТ, 8 сен — Sputnik. "Ўзбекистон ҳаво йўллари" МАК тарифларни қайта ҳисоблаб чиқмоқда, компания авиачипталар нархини пасайтириш ниятида.
Ўзбекистон президентининг 2 сентябрдаги "Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича дастлабки чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида, авиакомпания тарифларни қайта ҳисоблаб чиқмоқда. Бу — 5 сенттябрга қадар амал қилган авиачипталар нархида ўзгаришлар рўй бермаслиги учун амалга оширилмоқда.
Авиакомпания халқаро бозорда ишлашини ҳисобга олган ҳолда, барча тариф ва йиғимлар халқаро қоидаларга мувофиқ равишда эълон қилинмоқда. Айни вақтда эса халқаро савдо тизимига янги пасайтирилган тарифларни киритиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.
Авиакомпания томонидан ўтказилаётган ўзгаришлар авиачипталар нархининг кескин ўзгаришига олиб келмайди, деб хабар қилинган авиакомпания расмий сайтида.
Эслатиб ўтамиз, "Ўзбекистон ҳаво йўллари" МАК авиачипталарини МАК авиачипталари сотиладиган офислар ҳамда авиакомпаниянинг расмий сайти www.uzairways.com орқали харид қилиш мумкин.