ТОШКЕНТ, 8 сен — Sputnik. Тошкентдаги Humo Arena муз саройи мажмуаси лойиҳасини ишлаб чиққан Жанубий Кореянинг Heerim Architects компанияси қурилаётган объект чизмаларини намойиш этди, деб хабар бермоқда Sputnik мухбири.
Чизмаларга кўра, у шиша ва металлдан хайтек услубида тикланган иншоот бўлади. Унга шунингдек "ақлли" ва яшил технология ҳам жорий этилади. Янги муз саройи ўзида замонавий архитектура ечимлари, илғор технологиялар ва миллий анъаналарни мужассам этади. Унинг номи ҳам бежиз танланмаган — унинг шакли афсонавий Ҳумо қуши қанотлари кўринишида.
Корея компаниясининг билдиришича, мажмуада 12500 ўринли музли майдон бўлади. Сарой атрофида барча инфраструктура, хусусан 200 автомобилга мўлжалланган тураргоҳ, болалар парки ва бир нечта ресторанлар бунёд этилади.
"Муз саройи кенг миқёсли мажмуа бўлиб, бу ерда хоккей, шорт-трек, фигурали учиш ҳамда бокс, баскетбол, волейбол мусобақалари, концертлар ўтказиш мумкин бўлади. Бундан ташқари, Ўзбекистон сейсмик фаол минтақада жойлашгани ҳисобга олиниб, мажмуа 9 балли зилзилага бардош берадиган тарзда қурилади", — деб маълум қилди Heerim Architects.
Қайд этиш жоиз, мазкур компания Тошкент аэропорти халқаро терминали лойиҳасини ҳам ишлаб чиққан.