ТОШКЕНТ, 7 сен — Sputnik. 2017 йил 4 сентябр куни уч йигит фуқаро Ахрор Қурбанжановни уриб, унинг "Samsung Galaxy DUOS" русумли уяли телефонини ҳамда 20 минг сўм нақд пулларини эгаллаб, жиноят жойидан яширинганлар, деб хабар қилди Тошкент шаҳар ИИББ матбуот-хизмати.
Жиноят иши юзасидан олиб борилган дастлабки тергов даврида Ш.Қ.Миралиев, жиноят содир этилишидан бир неча кун аввал, танишлари С.А.Абдурахмонов ва Б.Б.Ахроров билан босқинчилик содир этишни режалаштириб олганликлари, сўнг Ш.Қ.Миралиев интернет орқали гўёки "Лилия" исмли қиз сифатида А.Т.Курбанжанов билан танишганлиги ва у билан "Телеграм" ижтимоий тармоғи орқали сухбатлашиб турганликлари, орадан бироз муддат ўтиб, у Курбанжановни учрашувга таклиф қилганлиги, ўз навбатида Ш.Қ.Миралиев, мазкур жиноятни содир этишдаги шериклари билан аввалдан учрашиб олиб, Амир Темур кўчаси, 115-уйнинг ёнига келганликлари, Курбанжанов ҳам шу ерга келган вақтида уни уриб, уяли телефони ва пулларини олиб қўйиб, ҳодиса жойидан яширинганликлари аниқланган.
Мазкур жиноятни содир этганликда Ш.Қ.Миралиев, С.А.Абдурахмонов ва Б.Б.Ахроровларнинг айби тўлиқ исботланиб, уларга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 164-моддаси 2-қисми "б" банди (босқинчилик, яъни бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, ўзганинг мулкини талон-торож қилиш мақсадида ҳужум қилиш) билан айблов эълон қилинди.