ТОШКЕНТ, 7 сен — Sputnik. Тошкентда қутқарувчилар қўли электр гўшт майдалагичга қисилиб қолган уч ёшли қизчани қутқариб олишди, деб хабар бермоқда ФВВ матбуот хизмати.
"Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси тезкор навбатчисига Республика шошилинч тез тиббий ёрдам кўрсатиш марказидан 3 ёшли қизчанинг қўли электр гўшт қиймалагичга кириб, қисилиб қолганлиги тўғрисида хабар келиб тушди", — дейилади хабарда.
Фавқулодда вазиятлар бошқармаси қутқарувчилари зудлик билан Республика шошилинч тез тиббий ёрдам кўрсатиш марказига етиб боришди ва шифокорлар билан ҳамкорликда қизчанинг электр гўшт қиймалагичга кириб, қисилиб қолган қўлини махсус асбоб-анжомлар ёрдамида чиқариб олишди.
Вазирлик ота-оналарга фарзандларини қаровсиз қолдирмасликни тавсия этмоқда.