ТОШКЕНТ, 7 сен — Sputnik. Хитойнинг "China Railway Tunnel Group ва China Coal Technology & Engineering Group Corp." консорциуми "Шарғункўмир" АЖни модернизация қилиш бўйича йирик инвестицион лойиҳаси доирасида дастлабки тайёрлов ишларини бошлади, деб хабар бермоқда Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Лойиҳада Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидаги Шарғун конида "Шарғункўмир" АЖ томонидан тошкўмир қазиб чиқаришни йилига 900 минг тоннагача етказиш кўзда тутилган.
2020 йилнинг биринчи чорагида якунланиши кўзда тутилган лойиҳанинг умумий қиймати 94,5 млн. долларни ташкил этади.
Ҳозирда Шарғун конида йилига 150 минг тоннагача кўмир қазиб олинади. Аниқланган кўмир захиралари 30 йилдан ортиқроқ вақтга етади. Лойиҳа доирасида нафақат қўшимча иш ўринлари яратилади, балки "Шарғункўмир" корхонаси ишчилари замонавий технологияларда ишлаш бўйича билим ва малакаларини оширишади.
Ўтган йили "China Railway Tunnel Group" компанияси ва "Ўзбекистон темир йўллари" акционерлик жамияти Қамчиқ довонидаги туннел орқали ўтувчи "Ангрен — Поп" электрлаштирилган темир йўл линиясини амалга оширган.
Эслатиб ўтамиз, шу йилда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев "Шарғункўмир" АЖнинг модернизацияси бўйича фармонини имзолаган эди.