ТОШКЕНТ, 6 сен — Sputnik. Бугун, 6-сентябр куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистон Республикасига давлатташрифи ниҳоясига етди.
Президент Алмазбек Атамбаев "Манас" халқаро аэропортида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни ватанига кузатиб қўйди.
Тадбирда икки давлат расмий делегациялари вакиллари иштирок этишди.
Қирғизистон республикасига уюштирилган давлат ташрифи доирасида Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев тор ва кенгайтирилган таркибда икки томонлама музокараларни ўтказдилар.
Томонлар 2018-йилда Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганлигининг 25 йиллигига бағишланган қатор қўшма тадбирларни ўтказишга келишиб олдилар.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбаевга ва барча қирғиз халқига ўзбек делегациясига кўрсатилган меҳмондўстлик, илиқ ва дўстона қабул учун миннатдорчилик билдирди ҳамда Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбаевга жавоб тариқасида давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлишни таклиф қилди. Ташрифнинг аниқ муддатлари дипломатик каналлар орқали келишилади.