ТОШКЕНТ, 6 сен — Sputnik. Ўзбекистонда фаолият юритувчи "Ифтихор Саноат" компанияси Қирғизистонга 2 миллион долларлик турли либослар етказиб бериш бўйича шартнома имзолади. Бу ҳақда компания вакили Анна Добрихга асосланиб nuz.uz хабар бермоқда.
У бу ҳақда қирғиз-ўзбек бизнес форумида маълум қилган.
"Бизнес форумда янада кўпроқ шартнома имзоланишини кутмоқдамиз. Ишлаб чиқилган ва кўзда тутилган шартномалар мавжуд", — деган компания вакили.
Ўзбекистонлик яна бир тадбиркор Абдулҳошим Исмоиловнинг айтишича, бу йил Қирғизистонга умумий қиймати 2,7 млн долларлик 50 турдаги пойабзал экспорт қилиш бўйича шартнома имзоланган.
"Биз Ўш ва Боткен вилоятидаги компаниялар билан ўн йилдан буён ҳамкорлик қилиб келамиз. Мана шундай бизнес форумлар муносабатларимизни янада яхшилайди", — деган тадбиркор.