ТОШКЕНТ, 5 сен — Sputnik. Кеча Тошкентда автотехника, техник хизмат кўрсатиш ва оригинал эҳтиёт қисмлар сотиш билан шуғулланадиган "КАМАЗ" дилерлик ва сервис маркази очилди. Бу ҳақда nuz.uz хабар бермоқда.
Марказ қурилиш, йўл қурилиши, нефть-газ, қишлоқ хўжалиги ва халқ хўжалигининг коммунал хизматлар соҳасидаги истеъмолчиларга хизмат кўрсатади.
Дилерлик ва сервис маркази лойиҳаси раҳбари Жавлон Халиловнинг айтишича, марказ ҳозирча бир вақтнинг ўзида 6тагача автомобилни таъмирлаш учун қабул қила олади, техник кўрик станциясида таъмирлаш ишлари даражасига қараб бир сменада 30тагача машинага хизмат кўрсатиш мумкин.
Яқин истиқболда Тошкентда янада каттароқ ва қувватлироқ марказ ташкил этиш ҳамда барча вилоятларда "КАМАЗ" марказлари барпо этиш режалаштирилган.
Бундан 10 йилдан ортиқроқ вақт илгари Ўзбекистонда "КАМАЗ" ваколатхонаси фаолият кўрсатган, бироқ айрим сабабларга кўра ёпилганди.
"КАМАЗ" бренди Россиянинг йирик автомобил корпорацияси бўлиб, унинг Россия автобозоридаги улуши 50%дан ортиқ.
"КАМАЗ — Мастер" жамоаси Париж-Дакар раллисда 13 марта ғалаба қозонган ва уч марта жаҳон чемпиони бўлган.
Ҳозирда корпорация 40дан ортиқ моделда юк автомобиллари, тиркамалар, автобуслар, тракторлар, двигател, куч агрегатлари ишлаб чиқаради.