ТОШКЕНТ, 4 сен — Sputnik. Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистон раҳбари Алмазбек Атамбаев таклифига биноан 5-6 сентябрь кунлари давлат ташрифи билан Қирғизистонда бўлади, деб хабар қилди Ўзбекистон Ҳукумат портали.
Олий даражадаги учрашув ва музокаралар чоғида Ўзбекистон ва Қирғизистон Президентлари ўзаро муносабатларни ривожлантиришнинг асосий масалалари, сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш истиқболлари, икки мамлакатнинг чегараолди ҳудудлари алоқаларини фаоллаштириш, шунингдек, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро муаммоларни муҳокама қиладилар.
Музокаралар якунлари бўйича икки давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти, Ўзбекистон-Қирғизистон давлат чегараси ҳақидаги шартнома, мамлакатларимиз ўртасида турли соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган бошқа қатор ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган.