ТОШКЕНТ, 4 сен — Sputnik. Ислом Каримов номидаги Фондда хорижда таҳсил учун грант соҳибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди, деб хабар қилди Лола Каримова-Тиллаева ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида.
"Ислом Каримов Фондининг 12 нафар стипендиати кейинги 2 йил давомида Ангальт амалий фанлар университети (Германия), Рур университети (Германия), Москва меъморчилик мактаби ҳамда Турин политехника университетида (Италия) қайта тикланувчи энергия манбалари, машинасозлик технологиялари, шаҳарсозлик, сув ва ер ресурсларини бошқариш, тарихий обидаларни муҳофаза этиш ва қайта тиклаш мутахассисликларидан магистратура йўналиши бўйича таҳсил оладилар.
Грант соҳибларини муносиб ғалаба билан муборакбод этиб, ўқишларида омадлар тилайман. Европанинг пешқадам олийгоҳларида таълим олган кадрлар келажакда Ватанимиз равнақига ўз ҳиссасини қўшишига чин дилдан ишонаман", — дейилади хабарда.
Ислом Каримов Фондининг хорижда таҳсил олиш учун гранти совриндорлари:
Усмонов Мирусмон, Миртурсинов Мадиёр, Асадов Бекзод, Искандаров Нурсултон, Маҳкамова Лазизахон, Қамбаров Фарҳоджон, Турсуналиев Улуғбек, Гардер Ник, Мирзаахмедов Отабек, Усмонов Абдижалол, Нурмаматов Жаҳонгир ва Фейзуллаев Алим.
Танлов мазкур йилнинг январь ойидан май ойигача ўтказилиб, унда жами 300га яқин ёшлар қатнашдилар.
Ислом Каримов Фонди 2016 йил октябрь ойида мустақил Ўзбекистон Республикасининг асосчиси ва Биринчи Президенти хотирасини ҳамда ҳаётий тамойилларини абадийлаштириш мақсадида ташкил этилган. Иқтидорли ёшларга миллий ва хорижий олий ўқув юртларида таҳсил олиш учун грантлар тақдим этиш Ислом Каримов номидаги фонд фаолиятининг муҳим йўналишларидандир.