ТОШКЕНТ, 4 сен — Sputnik. Халқаро Венеция кинофестивалида ўрта асрлар буюк алломаси ва мутафаккири Мирзо Улуғбекнинг ҳаёти ва илмий мероси ҳақида ҳикоя қилувчи "Мирзо Улуғбек. Осмон тоқига қўйилган нарвон" фильми "Энг яхши хорижий ҳужжатли фильм" номинациясида нуфузли "Кинео" мукофотига сазовор бўлди. Бу ҳақда Лола Каримова — Тилляева ўз Facebookдаги саҳифасида маълум қилди.
Фильм продюсерлари — Лола Каримова-Тилляева ва унинг турмуш ўртоғи Тимур Тилляев, режиссёр — Баҳодир Юлдошев.
Режиссёр Баҳодир Юлдошев ушбу кинокартинада XV асрнинг буюк астрономи ҳамда Мовароуннаҳр ҳукмдори Мирзо Улуғбек ҳаётидаги фожиалар, мушкулотлар ва зафарларни акс эттиришга ҳаракат қилган.
Эслатиб ўтамиз, ушбу кинолента шу йилнинг июль ойида Женевада ушбу тарихий ҳужжатли фильмининг премьераси бўлиб ўтган эди. Шунингдек, Италиянинг Искья оролида бўлиб ўтган кинофестивальда ҳам энг яхши ҳужжатли фильм сифатида ғолиб бўлган эди.