ТОШКЕНТ, 4 сен – Sputnik. Ўзбекистонда хорижий валютанинг давлат курси ошишига қарамасдан, уяли алоқа ва интернет хизматлари нархи ўзгармайди, деб хабар қилди Sputnik мухбирига Ахборот технологиялари вазирлигидаги манбаа.
Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги конвертация очилиши муносабати билан алоқа операторлари ва интернет провайдерларга махсус йўриқнома юборди.
Унда айтилишига кўра, 5 сентябрдан бошлаб барча хизматлар нархи миллий валютада белгиланган бўлиши керак.
Иккинчидан, АҚШ долларида ёки ш.б. да кўрсатилган нархлар ҳисоб-китоб қилинганда, уларнинг миллий валютадаги қиймати, Ўзбекистон Марказий банкининг 2017 йил 4 сентябридаги курси бўйича ҳисобланган нархлардан ошмаслиги керак.
Юқоридаги талаблар, президентнинг 3082 ва 5177 сонли қарорлари ижроси доирасида амалга оширилмоқда.