ТОШКЕНТ, 1 сен — Sputnik. Украина президенти Петр Порошенко чегарада хорижий фуқароларни биометрик назоратдан ўтказиш тўғрисида қарорни имзолади, деб хабар қилди РИА Новости.
Қарор матни Украина президенти сайтида келтирилган. Янги қарор 2018 йил бошидан кучга киради. Унинг ижросини назорат қилиш Украина Миллий хавфсизлик хизматига юклатилган.
Украинага кириш учун чет эл фуқаролари чегарада бармоқ изларини топширишлари керак бўлади. Шунингдек, Украинага амалга ошириладиган ташриф ҳақида олдиндан маълумот юборилиши зарур. Ахборот юбориш механизмини ишлаб чиқиш ҳақида президент икки ой муддат берди. Бир ой ичида хорижий фуқароларни рўйхатга олиш ишларини тартибга келтириш ҳақида топшириқлар берилди.
Бундан ташқари, хавфли миграция даражасидаги давлатлар рўйхатини янгилаш ҳақида топшириқ берилган. Мазкур рўйхатга Россия киритилган.
Украинада хорижий фуқароларни биометрик назорат қилиш жараёни уч босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда Украинага келмоқчи бўлган хорижий фуқаро олдиндан маълумотни тақдим этиши зарур бўлади. Иккинчи босқичда биометрик паспорт ёки биометрик маълумотлар чегарада қайд этилади. Учинчи босқичда хорижий фуқаро келган жойда рўйхатдан ўтиши керак бўлади.
Украина МХХ котиби Александр Турчиновнинг маълумотга кўра, бу назорат биринчи навбатда Россия фуқаролари учун татбиқ этилади. Украина парламентида Россия билан виза тартибини жорий қилиш бўйича масала кўтарилган. Лекин Киевда бу ҳаракатлар украиналикларнинг ўзига салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида фикр билдирилган.