ТОШКЕНТ, 1 сен — Sputnik. Айни вақтда Тошкентдаги Оқсарой қароргоҳи олдида буюк давлат ва сиёсат арбоби, мустақил Ўзбекистон асосчиси, биринчи Президент Ислом Каримов хотирасига бағишлаб бунёд этилган ҳайкал пойи гулларга бурканган, деб хабар қилди Ҳукумат портали матбуот-хизмати.
"Биринчи Президентимиз азиз умрини жонажон юртимиз, халқимиз бахту саодати, бугунги тинч ва фаровон кунларимизга бағишлади, халқимиз ўй-фикри билан яшади. Ислом Каримовдан озод ва обод Ватан мерос бўлиб қолди", — дейилади хабарда.
Наманган вилоятидан келган меҳнат фахрийси Собиржон Отажонов биринчи президент Ислом Каримов хотираси ҳар бир Ўзбекистон фуқаросининг юрагидан чуқур жой олганини эътироф этди.
"У киши бизга бебаҳо мерос — мустақилликни инъом этди. Ҳозир хаёлимиздан кўп хотиралар ўтаяпти, ҳаёт йўлларини мушоҳада қилаяпмиз. Биринчи Президентимиз раҳнамолигида амалга ошган ғоят улуғ ва мардонавор эзгу ишларни муносиб давом эттиришда собитқадам бўлишимиз керак. Бугун Ислом Каримов ҳақига дуолар қилдик, Яратгандан юртимизга тинчлик, халқимизга омонлик, хайрли амалларимизга бардавомлик тиладик", — деди ветеран.