ТОШКЕНТ, 1 сен — Sputnik. Ўзбекистон 26 йил ичида илк бор мамлакатнинг энг улуғ байрами — Мустақиллик кунини узоқ йиллар раҳбарлик қилган Ислом Каримовсиз нишонламоқда, деб ёзади Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Бир йилдан сўнг
Республиканинг биринчи президенти вафот этганига бир йил бўлди. Шавкат Мирзиёевнинг раҳбарлик даври натижаларини таҳлил қилган халқаро экспертлар негадир ўтган даврни Хрушчев замонидаги "илиқлик даври" деб аташмоқда. Бу қиёслаш эса умуман мос эмас, зеро Мирзиёев собиқ совет раҳбаридан фарқли равишда ўзидан олдинги раҳбар фаолиятини қоралагани йўқ, балки аксинча, унинг йўлидан борилишини таъкидламоқда.
"Орадан йиллар, асрлар ўтади, муҳтарам Биринчи Президентимизнинг номи ва у киши бошчилигида амалга оширилган буюк ишлар юртимизнинг шонли тарихида ўчмас саҳифа бўлиб мангу қолади", — деди Мирзиёев Тошкент шаҳрида Ислом Каримовга бағишланган ҳайкалнинг очилиш маросимида.
Ва бу барчага — амалдорлар, ғарб ҳамжамияти ва халққа қилинган мурожаат. Ҳеч қандай қоралашлар бўлмайди, мамлакат Ислом Каримов белгилаб берган йўлдан боради, фақат эндиликда услуб ва механизмлар ўзгаради.
Ўзбекистонликлар учун байрам ўзгардими? Бу саволга икки хил жавоб бериш мумкин. Бир тарафдан, у ҳар доим янги давр ва мустақиллик рамзи сифатида қабул қилиниб келинган. У мактаб ва спорт тўгараклари, рақс ва мусиқа жамоаларининг турли вазирликлар буйруғи асосида шаҳар боғларида, эстрада юлдузлари эса катта майдонларда чиқиш қиладиган кўргазмали томоша бўлиб қолганди. Халқ эса бу байрамга кузнинг бошидаги дам олиш кунидек қарарди.
Артист ва мусиқачиларнинг давлат органлари томонидан оммавий томошаларга жалб этилиши ўз мевасини берди. Ёшлар доимо севимли хонандалари чиқиш қиладиган жойларга боришга интиларди.
Бугун ана шундай ёндашув ўзгардими. Афсуски, ҳозирча йўқ. Ўша-ўша тўгараклар, хонанда ва созандаларнинг кўргазмали чиқишлари. Гўёки барчаси шунчаки хўжакўрсинга, ўтдими-ўтди ва ҳамма уй-уйига тарқалгандек. Ҳар йили ўша дастур, ўшандай ёндашув. Ҳеч қандай янгилик йўқ.
"Биз ҳар йили Мустақиллик кунида шаҳардаги бирорта боққа борамиз. Байрам қилиш учун эмас, байрам кейинги пайтда жуда маъмурий бўлиб кетди. Бу биз учун яна бир дам олиш куни, дўстлар билан тўпланиш, дам олиш, кафеда ўтириш мумкин. Бу йил қандайдир ўзгаришлар бўлди, лекин биз истаганчалик даражада эмас", — дейди Sputnik мухбирига тошкентлик Мадина.
Ва барибир ҳукумат томонидан ушбу байрамга, тўғрироғи, бу байрамни нишонлайдиган халққа нисбатан муносабатда маълум бир ўзгаришлар сезилмоқда. Масалан, илгари шаҳар марказидаги ўнлаб кўчалар ёпилар, бу эса одамларнинг норозилигини келтириб чиқарарди. Бугун эса бошқача, фақатгина ёпилиши зарур кўчалар ёпиляпти ва бу ҳам кўпга эмас. Тўғри, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг муносабати ҳозирча ўзгармаган — ҳамма жойда ўша бақириқ: буни суратга олма, у ёққа борма, кўзингга қара ва шунга ўхшаш гаплар.
Танганинг икки томони
Узоқ вақтдан буён илк марта Мустақиллик байрами Қурбон ҳайити билан бир кунга тўғри келиб қолди. Кўплаб хорижлик экспертлар бундан ҳам ўзларига мунозара ясашди, Ўзбекистон учун қайси бири муҳим — давлат байрамими ёки диний байрамми. Улар тушуниб бўлмайдиган аллақандай фактлар асосида Мирзиёев совет одами, у давлат байрамига эътибор қаратади деган фикрга келишди. Барча нарсага президентнинг ўзи ойдинлик киритди.
"Бугун эл-юртимиз Мустақиллик байрами билан бирга муборак Қурбон ҳайитини ҳам катта шоду хуррамлик билан кутиб олмоқда. Бу икки улуғ байрамнинг айнан бир кунга тўғри келишида ҳам ўзига хос чуқур ва рамзий маъно бор", — деди у ўзининг табрик нутқида.
Айтиб ўтиш жоизки, ўзбекистонликлар барча давлат байрамларини дам олиш куни, дўстлар билан учрашиш, диний маросимлар ўтказиш, палов тайёрлаш, муҳтожларга эҳсон қилиш сифатида қабул қиладилар. Ўтган 26 йил давомида бу ердаги одамларда Россиядаги сингари юзларини уч хил рангга бўяб байроқ кўтариб юриш одати пайдо бўлгани йўқ. Ўзбекистонда ҳаммаси оилавий, мулойимгина ўтади. Ҳаттоки байрам нишонланаётган боғларда ҳам рамзлар фақат саҳнада, шаҳарда эса устун ва транспарантларда бўлади.
Шунинг учун мамлакатда диний байрамга ҳам кучлироқ эътибор қаратилади. Ўзбекистонда диний байрам ҳам ўзбекона удумлар билан қоришган ҳолда ўтказилади.
Тошкентда Қурбон ҳайитидан бир кун олдин ажойиб ҳолатга гувоҳ бўлиш мумкин эди — деярли бутун Кичик ҳалқа йўли қурбонликка сўйиш учун мўлжалланган қўйлар билан тўлиб кетганди. Уларнинг нархи 1 миллион сўмдан бошланиб вазнига қараб ошиб борарди. Ва мамлакатдаги ҳамма бу нарсани ортиқча ваҳима ва норозиликларсиз оддий қабул қилди.
Аҳолининг мазкур ҳолатга хотиржамлик билан ёндашиши мамлакатда қўйни қаерда сўйиш кераклиги борасида ҳеч қачон баҳс-мунозаралар бўлмаганини англатади. Бу ерда қўй сўйиладиган алоҳида жой йўқ, қассоблар жониворни уй эгасининг шундай ёнгинасида сўйишади. Бугун бутун мамлакатдаги минглаб маҳаллаларда қурбонлик учун сўйилган қўйларнинг гўштлари муҳтожларга тарқатилди.
Умуман олганда, Ўзбекистонда расмий ва диний байрам бирдек мавжуд. Чунки одамлар бир нарсани — мамлакатдаги тинчлик ва хотиржамликни байрам қилишади. Улар Яратганга шукр қилишади ва ҳукуматдан миннатдор бўлган ҳолда муҳтожлардан ёрдамларини аяшмайди.