ТОШКЕНТ, 31 авг — Sputnik. Ўзбекистон ва Қирғизистон чегаранинг умумий узунлигини 80 фоизини ташкил этувчи икки томонлама шартнома лойиҳаси келишувдан ўтказилди, деб хабар қилди ТИВ матбуот хизмати.
Хабарда айтилишича, 2017-йилнинг 21-31 август кунлари аввал Бишкек, сўнгра Тошкент шаҳарларида Ўзбекистон-Қирғизистон Давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масалалари бўйича учрашувлар бўлиб ўтди.
Ушбу музокаралар Ўзбекистон Ҳукумат делегацияси ишчи гуруҳи ва Қирғизистон Ҳукумат делегациясининг топография ва ер тузиш ишчи гуруҳи ўртасида ўтказилди.
Эслатиб ўтамиз, 16 августда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ўзбек-қирғиз давлат чегараси бўйича давлатлараро оралиқ шартномасини тайёрлаш масаласида томонлар сезиларли силжишга эришганини билдирган эди.