ТОШКЕНТ, 30 авг — Sputnik. ИИВ Академиясида энди ўқиш муддати 3 йилни ташкил қиладидеб хабар берилди Ўзбекистон ИИВ расмий сайтида.
Эндиликда Академия кундузги таълимида "Тергов фаолияти", "Тезкор-қидирув фаолияти", "Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолияти", "Эксперт-криминалистик фаолият", "Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш фаолияти", "Хизмат фаолиятини психологик таъминлаш" мутахассисликлари бўйича "юрист" малакаси берилади.
Академиянинг кундузги таълим шаклига ўқишга кирган шахслар "курсант", сиртқи таълим шаклига, касбий тайёргарлик факультетига, раҳбар кадрларни тайёрлаш факультетига ўқишга кирган, шунингдек ўқув марказларига юборилган шахслар эса "тингловчи" деб юритилади.
Ички ишлар органларини бугунги кун талабларига жавоб берадиган малакали кадрлар билан жамлаш борасидаги эҳтиёжларни инобатга олган ҳолда, Академияда Сиртқи таълим факультети ташкил этилди.
Унда 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб камида уч йиллик иш стажига эга бўлган ички ишлар органлари ходимларининг олий маълумотга эга бўлмаганлари тўрт йил, олий маълумотга эга бўлганлари эса уч йил тўлов-контракт асосида ўқийди. Сиртқи таълим факультетида "Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларни фош этиш фаолияти" мутахассислиги бўйича "юрист" малакаси берилади.