ТОШКЕНТ, 30 авг — Sputnik. “Ангрен” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида замонавий керамогранит ва сирланган керамик плитка ишлаб чиқариш мажмуаси ишга тушди, деб хабар қилмоқда Sputnik мухбири, Инвестициялар қўмитаси хабарига асосан.
Корхонанинг умумий қиймати 21 миллион доллардан ортиқ, ундан 20,9 млн доллари – тўғри чет эл инвестициялари. National Ceramics қўшма корхонаси Хитойнинг Gulf Cable Trading Company ва ўзбекистонлик ҳамкорлар иштирокида барпо этилган.
Қўмита матбуот хизмати хабарига кўра, корхонанинг йиллик қуввати 2 млн квадрат метр керамогранит ва 2,5 млн квадрат метр керамик плиткани ташкил қилар экан. Режага кўра ушбу маҳсулотнинг 30% экспорт учун мўлжалланган.
Ўзбекистон яқин беш йил ичида, янги корхоналарни ишга тушириш эвазига, керамогранит қурилиш материаллари импортини бир неча баробар қисқартиришни режалаштирган.
“Ангрен” ЭИЗда 2018 йил охирига қадар керамогранит маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи яна бир йирик завод пайдо бўлиши керак. Иккинчи лойиҳа Италиянинг Siti B&T Group компанияси томонидан амалга оширилмоқда. Корхонада йилига 4,5-5,5 миллион кв.метр маҳсулот ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда. Лойиҳанинг умумий қиймати 37 млн доллардан ортиқ.