ТОШКЕНТ, 29 авг — Sputnik. Россия халқ артисти Надежда Бабкина "Шарқ тароналари" халқаро фестивалида чиқиш қилди ва Самарқанд гўзаллигидан лол қолди.
"Самарқанддаги "Шарқ тароналари" халқаро фестивали аъло даражада! Бутун дунёдан артистлар — 59 жамоа йиғилган. Турли жанрлар намойиш этилмоқда — халқ мусиқаси ва опера. Грузиялик артистлар рақс ижро этишди — қадамларидан учқун сачради! Италиялик чиқиш қилди — овози зўр. Муҳит ажойиб, ранг-баранг. Маданият чегара билмайди!", — деб ёзди Бабкина ўзининг Instagram саҳифасида.
У турли халқларни бирлаштирувчи фестивалнинг аъло даражада ташкиллаштирилгани ҳамда "Русская песня" ансамблини Самарқандга таклиф этгани учун Ўзбекистонга миннатдорлик билдирди.
"Ташкилотчилар 11-бор улкан ва хайрли ишни амалга оширишмоқда. Фестивал халқларнинг анъаналари ўртасидаги боғлиқликни ҳис қилишга ёрдам беради", — деб ёзди у.
Самарқандда 25 август куни бошланган "Шарқ тароналари" халқаро фестивали 30 августга қадар давом этади. Фестивал илк бор 1997 йили Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан ўтказилганди. Мазкур санъат байрамини ўтказишдан мақсад миллий мусиқа санъатини оммалаштириш ва сақлаб қолишдир. Фестивал икки йилда бир марта, август охирида ўтказилади.