ТОШКЕНТ, 26 авг — Sputnik. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ижроия қўмитаси раиси — ижрочи котиби Сергей Лебедев билан учрашди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Суҳбат чоғида МДҲ кун тартибининг долзарб масалалари, Ҳамдўстликка аъзо мамлакатларнинг Давлат раҳбарлари кенгаши (Сочи шаҳри), Ҳукумат раҳбарлари кенгаши (Тошкент шаҳри) ва Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилишларига тайёргарликнинг бориши муҳокама қилинди.
Учрашувда Ўзбекистон ва МДҲ ҳамкорлигини янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари бўйича фикр алмашилди.
Лебедев Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган халқаро тадбирлар — "Марказий Осиё уйғониш даврининг дунё тамаддуни тарихидаги ўрни" номли конференцияда ҳамда "Шарқ тароналари" мусиқа фестивалида иштирок этиш учун Ўзбекистонга ташриф буюрган.