ТОШКЕНТ, 26 авг — Sputnik. 25 август куни Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси расмий сайтида қидирувдаги шахслар ҳақида хабар берилган эди.
Қидирилаётган шахслар ҳақида маълумотлар ичига, улардан бири "вилоятликларга ўхшаб кийинган"лиги таъкидланганди.
"Вилоятликларга ўхшаб кийинган" деган гап кўпчилик томонидан қаттиқ танқид қилинди.
Ана шундан сўнг ИИББ ўз расмий сайтида ушбу иборага изоҳ бериб ўтишга мажбур бўлди.
Ички ишлар бош бошқармаси расмий сайти юқоридаги жумла сайт ходимининг эътиборсизлиги туфайли келиб чиққанлигини маълум қилди:
"Шуни маълум қиламизки, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси томонидан юртимиз фуқаролари бундай атама билан тоифаланмайди, бундай ҳолат хабарни тайёрлаган ходимнинг эътиборсизлиги туфайлигина келиб чиққан. Буни ҳеч қандай ғараз мақсад эмас, шунчаки тушунмовчилик сифатида қабул қилинишини сўрар эдик".
Хабарда айтилишича, ҳозирда ходимга нисбатан тушунтириш ишлари олиб борилган.